«Халқ сўзи» газетасида ўз хизмат бурчини адо этаётган пайтда қаҳрамонларча ҳалок бўлган оддий аскар Жонибек Аширов хотирасига бағишланган мақола чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.
Жонибек Аширов 1989 йил 9 июлда Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. 2005 йилда Нурота туманидаги 54-умумтаълим мактабини битиргач, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги ҳарбий лицейда таҳсил олган. 2010 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафида шартнома асосида хизмат қила бошлаган.
2013 йил 21 июль куни мамлакатимиз чегара ҳудудидан ноқонуний юк билан ўтишга ҳаракат қилган жиноятчилар тўдасини тўхтатиб қолиш пайтида оғир тан жароҳати олгани оқибатида вафот этган.
Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлашда, шунингдек, жанговар хизмат фаолиятида кўрсатган намунали хизмати учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 августдаги фармонига кўра оддий аскар Ж.Аширов вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Ота-она учун фарзанд камолини кўриш катта бахт, албатта. Жўрақул ака чўпонлик ортидан оила тебратиб, икки ўғил, уч қизни ҳалол меҳнат билан улғайтирди. Она меҳри, ота тарбияси туфайли фарзандлар бир-бирига меҳрибон, эсли, ҳушли, билимли ва ватанпавар бўлиб вояга етишди.
Жонибек ёшлигидан ҳарбий бўлишга қизиқиб, ўзини жисмоний жиҳатдан чиниқтирди. Орзусини тезроқ амалга ошириш мақсадида Урганч шаҳридаги ҳарбий лицейга ўқишга кирди. Ҳарбий хизматни чегарачи сифатида давом эттирди.
Оддий аскар Жонибек Аширов умумҳарбий ва чегара қўшинлари низомларини, давлат чегараларини ҳимоя қилишни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни чуқур ўрганиб, уларга тўлиқ риоя этди. Топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида, аъло даражада бажаришга интилди. Ташаббускорлиги билан ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозонди.
...2013 йил 21 июль. Тун. Соат 2. «Қўрғонтепа» блок пости чегара наряди томонидан шубҳали транспорт воситаси 1-чегара пости ҳудудига қараб ҳаракатланаётгани тўғрисида маълумот олган оддий аскар Ж.Аширов ўзи масъул бўлган ҳудудга келаётган «КамАЗ»ни бошқараётган кимсага «Тўхта!»,— деб буйруқ беради. Дастлаб ўзини буйруққа бўйсунгандек кўрсатган ҳайдовчи Ж.Ашировга яқинлашгач, тўсатдан автомашина тезлигини ошириб, уни кучли зарб билан уриб юборади. Натижада оғир тан жароҳати олган чегарачи шифохонада ҳаётдан кўз юмади.
— Ўғлимдан розиман. Жонибек ўзи орзу қилгандек Ватан ҳимоячиси бўлди, — дейди Жўрақул Аширов.— У оиласи, халқи тинчлиги ва мамлакатимиз хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун жонини фидо қилди. Мен у билан фахрланаман.
— Биз ўғлимизни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, тўғри тарбиялаб, суйиб-эркалаб катта қилдик, — дейди Замира Аҳмедова. — Болам биринчи синфга борганида ўқимишли, айни пайтда мард ва жасур инсон бўлсин, деб Яратгандан сўраганман. Жонибек болалигидан ҳарбий бўлишга қизиқиб, мақсади сари қатъий ҳаракат қилди. Ўқишни тугатиб, аскарликка борди. «Ойи, шу ерда шартнома асосида хизматда қоламан», деди. Рози бўлдик. Ўғлимнинг хаёли хизматда, ишда эди. Таътилга келса ҳам «тезроқ ишга боришим керак», дерди.
— Боламнинг орзулари кўп эди. Укаларини келажакда ўқитишни, яхши бир касбнинг эгаси бўлиб етишишларини жуда истарди. Хизматда юрган кезларида ҳам менга атаб шеърлар ёзарди. Шундай меҳрибон ўғлим бағримдан кетди. У ота-онаси, Ватани, халқининг тинчлиги йўлида қурбон бўлди.
2013 йил 27-сентябр. Жонибек ўқиган мактаб ҳовлисига тумонат одам йиғилган. Мактабга кираверишда собиқ ўқувчи, давлатимиз сарҳадларини қўриқлашда ўз бурчини виждонан адо этган шартнома асосидаги ҳарбий хизмат оддий аскари, марҳум Жонибек Ашировнинг сурати гулларга бурканган. Унинг икки ёнида икки чегарачи — фахрий қоровул.
Мактабда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 23 августдаги Фармонига биноан «Жасорат» медали билан тақдирланган Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари шартнома асосидаги ҳарбий хизмат оддий аскари, марҳум Жонибек Ашировнинг ота-онасига давлат мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
— Мен Жонибек ўқиган синфга раҳбарлик қилганман, — дейди Гулнора Сатторова. — Жонибек улар ичида алоҳида ажралиб турарди. Фанларни яхши ўзлаштириш баробарида жамоатчилик ишларида ҳам ташаббускор эди.
Ҳарбий лицейда ўқиб юрган пайтида устозларини йўқлаб мактабга келди. Шундан фойдаланиб мен ўқувчилар билан унинг суҳбатини ташкил этдим. Жонибек саҳна ўртасида туриб гапирар экан, мен уни зимдан кузатиб турдим. Унинг сўзларида қатъийлик, юз-кўзида ўзи танлаган касбидан мамнунлик, фахр ва ғурур туйғулари яққол сезилиб турарди.
Жонибекнинг шеър ёзишини кўпчилик унинг шахсий буюмлари ичидан топилган ён дафтаридаги қайдлардан билишди. Мана, унинг «Онажон» номли шеъридан тўрт сатр:
Ёзилганда дастурхон,
Келтирганда ош-у нон,
Менинг ўрним билинса,
Кўп йиғламанг, онажон...
Фарзанддан жудо бўлиш она учун жуда оғир. Онаизор учун унинг ўрни ҳар куни, ҳар он билинади...
Лекин онанинг кўнглига таскин берадигани, фарзандининг умри беиз, беҳуда кетмагани, ўз Ватани, халқи тинчлиги учун жонини фидо қилгани. Бундай жасорат ҳеч қачон унутилмайди.
Изоҳ (0)