«Халқ сўзи» газетасида ўз хизмат бурчини адо этаётган пайтда қаҳрамонларча ҳалок бўлган аскар Қутлуғжон Раҳмонов хотирасига бағишланган мақола чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.
Қутлуғжон Раҳмонов 1984 йили 19 сентябрда Жиззах вилоятининг Бахмал тумани Ўсмат шаҳарчасида зиёлилар оиласида туғилган. 2001 йилда Бахмал туманидаги 3-умумтаълим мактабини битиргач, 2002 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. 2004 йилдан ДХХ чегара қўшинлари сафида шартнома асосида хизматни давом эттирган.
2008 йилнинг 13 ноябрь куни Қирғизистон билан чегара ҳудудини бузиб ўтишга ҳаракат қилган бир гуруҳ жиноятчиларга қарши курашда ҳалок бўлган.
Давлат чегараси дахлсизлигини, Ватан хавфсизлигини таъминлаш бўйича жанговар вазифани бажаришда кўрсатган мардлиги, фидойилиги учун оддий аскар Қ. Раҳмонов вафотидан сўнг Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 12 январдаги фармонига кўра «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Бахмал тумани нафақат ўзининг сўлим табиати, айни чоғда мағрур ва самимий одамлари билан ҳам тилга тушган. Қутлуғжоннинг болалиги Ойқор тоғи этагида жойлашган хушманзара Калтатой қишлоғида кечди. Улғайгани сайин унинг қалбида тоғликларга хос курашувчанлик, мағрурлик ва ватанпарварлик туйғулари юксалиб борди. Болалигидан ота-онаси, опа-укалари, дўстларига меҳрибонлиги унинг келажакда ўз Ватанига содиқ ўғлон бўлиб вояга етишини англатиб турарди.
Мамлакат мустақилликка эришган 1991 йилда 1-синфга борган дамлариданоқ юрт меҳрини юрагига жойлаган Қутлуғжон ҳақида синф раҳбари Турдимурод Бекназаров қуйидагиларни ҳикоя қилади:
– Қутлуғжон барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, тенгдошларига намуна бўлар эди. Мен ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича «Ким бўлсам экан?», «Мен севган касб», «Менинг орзум» каби мавзуларда суҳбатлар ўтказардим, иншолар ёздирардим. Қутлуғжоннинг ёзганларидан, фикр-ўйларидан юртни севиш, бурчга масъулият билан ёндашиш ҳиссини илғаш мумкин эди. Юртимизда халқининг тинчлиги учун ўз жонини фидо қилишга тайёр бўлган мард ва жасур ўғлонлар бор экан, душманлар сарҳадларимизни бузиб ўтолмайди. Қутлуғжоннинг жасоратини ёшларимизга ҳамиша намуна қилиб кўрсатаман.
2008 йил 13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар кечаси Фарғона тумани Сатторобод аҳоли пунктида рейд тадбирлари бўлиб ўтаётган пайтда Қирғизистон томондан бир гуруҳ одамлар мамлакатга ноқонуний йўл билан ўтишга уринаётгани маълум бўлади. Оддий аскар Қутлуғжон Раҳмонов жиноятчиларнинг мамлакатимизга ўтиб яшириниш ниятида эканини пайқагач, чегара наряди олдига қўйилган жанговар хизмат вазифаларини бажаришга киришади. Чегарани бузиб ўтишга уринган шахсларнинг автотранспорт воситасини тўхтатиш режасини ишлаб чиқади.
Нима қилиб бўлса ҳам чегарадан ўтиб яширинишга ҳаракат қилаётган жиноятчилар автомашинани уларнинг йўлини тўсган Қутлуғжон Раҳмоновга қарата ҳайдайди. Қутлуғжон сўнгги дақиқагача уларни тўхтатиб қолишга уринади, қаршилик қилади. Лекин олинган оғир жароҳат ўз таъсирини кўрсата бошлайди. Шифокорларнинг тезкорлик билан кўрсатган тиббий ёрдамига қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади...
Ўз яқинларимизни йўқотиш барчамиз учун қайғули. Лекин бор меҳрини бериб, тунни бешик тебратиб тонгга улаган она учун фарзандидан айрилиш қанчалик азоб эканини тасаввур этишнинг ўзи нақадар оғир.
– Ўғлимга берган оқ сутимдан розиман, – дейди онаси Шоираой Раҳмонова. – У жуда меҳрибон, камтар йигит эди. Ўғлим ҳар доим «Онажон давлатимиз бизга қанчалик ғамхўрлик кўрсатяпти, шунинг учун биз азиз юртимиз учун, керак бўлса, жонимизни берсак арзийди. Онажон, сиз мендан хавотир олманг, ўзингизни эҳтиёт қилинг», дерди. Фарзандим халқимизга, жонажон Ватанимизга садоқат билан хизмат қилди, тинчлигимизни ҳимоя қилиш учун жонини фидо этди. Қутлуғжонимнинг охирати обод бўлсин.
– Ҳарбий бўлиш осон эмас, – дейди отаси Абдуманнон Раҳмонов. – Ўғлим ҳарбийлик соҳасини танлаганида, гапнинг очиғи, қувондим, қалбим ғурурга тўлиб, фахрландим. Негаки, Ватан ҳимоячиси оиласини, халқини ҳимоя қилади. Қутлуғжоннинг чегарачи бўлишига қаршилик қилмасдан, онаси билан биргаликда оқ фотиҳа берганмиз, юзинг ҳамиша ёруғ бўлсин, деб тилак билдирганмиз.
Қ. Раҳмонов ҳарбий хизмат даврида ота-онасининг ишончи ва Ҳарбий қасамёдига содиқ қолди. У Ватан сарҳадларини қўриқлаш жараёнида жиноий гуруҳлар томонидан катта миқдордаги моддий товар буюмлари олиб ўтилишига чек қўйди, кўпгина чегара бузилиши билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни бартараф этди. Биргина 2008 йилда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида 18 ҳолат бўйича 8 нафар чегара бузувчисини қўлга олди. 25 миллион сўмдан ортиқ моддий товар буюмлари, 12 дона Nexia, 4 дона Ford русумли автомашина тўхтатиб қолинди.
Чегарачи оддий аскар Қ. Раҳмонов хотирасини абадийлаштириш мақсадида у туғилиб ўсган маҳаллага «Қутлуғобод» деб ном берилди.
– Қутлуғжон ҳар доим озода, кўркам бўлиб юрарди, – дейди маҳалладоши Баҳодир Бекназаров. – Ҳашар ва тўй-маракаларда фаол қатнашарди. Туманимиздаги «Халқ ижодиёти ва тарихи» музейида Қ. Раҳмоновга тегишли 18 та экспонат бор. Ҳар йили музейга минглаб юртдошларимиз, хусусан, ўқувчи ёшлар ва ҳарбий қисм хизматчилари келади.
Қутлуғжон Раҳмонов каби Ватан ҳимоячилари, юрт сарҳадлари дахлсизлиги ва халқ тинчлигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган мард ўғлонларнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу яшайди.
Изоҳ (0)