Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 209-сонли умумтаълим мактабида қаҳрамон Баҳром Жўраевнинг бюсти ўрнатилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Баҳром Жўраев 1979 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида (ҳозирда Қуролли кучлар академияси) таҳсил олган. Бир неча йил шарқий ҳарбий округда хизмат қилган.
– Дўстим Баҳромжон билан олий ҳарбий таълим муасасасида бирга ўқиганмиз. У гуруҳимизнинг фахри эди, бугун эса халқимизнинг ифтихорига, қаҳрамонига айланди, – дейди подполковник Сарвар Мамаюсупов. – У содда, мард ҳамда дўсти учун жонидан кечадиган йигит эди. Буни амалда исбот ҳам этди. 13 май куни Андижон шаҳридаги Чўлпон проспектида қуролланган жиноятчилар тўдаси тўсатдан пайдо бўлди. Қора ниятли кимсалар гаровга олган одамларни ўзига пана қилган ҳолда турли томонга ўқ отиб, ҳарбий хизматчиларга яқинлашиб кела бошлади. Капитан Баҳром Жўраев вазиятни дарҳол англаб, ўз ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигига қарамасдан, жиноятчиларга қарши тик борди ва улардан қуролларини топширишни ва гаровга олинганларни қўйиб юборишни қатъий талаб қилди. Бу талабларга жавобан жиноятчилар аёвсиз ўт очишди ва капитанни ярадор қилишди. Ярадор бўлишига қарамай командир бўлинмани бошқаришда давом этди. Ўз командирининг жасоратидан руҳланган шахсий таркибнинг дадил ҳаракатлари туфайли жиноятчилар кўп талофат кўрди ҳамда қуролсизлантирилди. Гаровга олинганлар озод қилинди. Бироқ капитан Баҳром Жўраевнинг олган жароҳати оғир эди...
Капитан Жўраев Президентнинг 2005 йил 23 майдаги Фармонига мувофиқ II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган.
Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари томонидан капитаннинг отаси Улуғбек Жўраевга бир марталик пул мукофоти ҳамда совғалар топширилди.
Изоҳ (0)