Қандай қилиб давлат хизматлари кўрсатишни фуқаролар эҳтиёжлари учун кўпроқ йўналтирилган қилиш мумкин? Мазкур савол 4 май куни Тошкентда бўлиб ўтган семинарнинг асосий масаласи бўлди. Мазкур тадбирнинг мақсади давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш доирасида давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни барпо этишдан иборат бўлди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Семинар «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Европа Иттифоқининг делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги, Ички ишлар вазирлигининг 30 дан ортиқ давлат хизматчиси ва фуқаролик жамиятининг вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари давлат хизматлари кўрсатишнинг илғор халқаро тажрибаси билан таништирилди. Мазкур амалиётни Ўзбекистонда фуқаролар ва бизнеснинг турли тоифаларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун қўллаш масаласи ишчи гуруҳларда муҳокама қилинди.
Фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш уставлари муҳокама учун яна бир мавзу бўлди. Мазкур ҳужжат хизматлар кўрсатувчи ва уларни олувчи ўртасидаги битим бўлиб, хизматлар кўрсатиш тамойиллари ва меъёрларини ўз ичига олади. Семинар иштирокчилари семинарда иштирок этган давлат органлари учун уставлар ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқди.
Изоҳ (0)