Air France-KLM авиакомпаниясининг бош директори Жан-Марк Жанайяк авиакомпания ходимлари ўзи томонидан таклиф этилган меҳнат ҳақи тўғрисидаги шартномани қабул қилишдан бош тортганидан кейин истеъфога чиқадиган бўлди. Бу ҳақда Le Figaro’га таяниб, «Газета.ru» хабар берди.
Шартнома маошларни 2018 йилда 2 фоизга, шундан сўнг уч йил давомида яна 5 фоизга оширишни ўз ичига олар эди. Ҳужжатнинг қабул қилинишига қарши ходимларнинг 55,4 фоизи овоз берган.
Авиакомпания ходимлари март ва февраль ойида инфляция сабаб маошларини оширишни сўраган ҳолда иш ташлаш эълон қилганди. Мазкур можаролар оқибатида компания 296 миллион евро зарар кўрди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Ryanair компанияси Air France банкротликка учрашини башорат қилганди.