2 май, чоршанба куни Кейт Мидлтон ва шаҳзода Уильямларнинг қизи Шарлотта 3 ёшга тўлди. Бу ҳақда «MetroNews.ru» хабар берди. Кўпчилик шу куни қироллик оиласи Шарлоттанинг суратини интернетга жойлашини кутган, бироқ Кенсингтон саройининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Кейт Мидлтоннинг ўз туғилган куни, 2018 йилнинг январида олган суратигина пайдо бўлди.
Шарлотта – Кейт Мидлтон ва шаҳзода Уильям оиласидаги ягона қиз фарзанд. Унинг акаси Жорж ва яқинда дунёга келган укаси шаҳзода Луи бор. Шарлотта бобоси шаҳзода Чарлз, отаси шаҳзода Уильям ва акаси Жорждан сўнг Британия қироллиги тахтига тўртинчи даъвогардир.
Шарлотта 2015 йил 2 май куни Лондон вақти билан соат 08:34 да дунёга келган. У Буюк Британия қироличасининг бешинчи эварасидир. Тўлиқ исми – Шарлотта Елизавета Диана. Расмий унвони – «Олий ҳазратлари Шарлотта Кембрижлик».
2017 йилдан бошлаб Шарлотта–Кенсингтон саройи яқинида жойлашган Willcocks Nursery School болалар боғчасининг тарбияланувчиси.
Қиролича Елизавета II эвараси Шарлотта укасига ғамхўрлик қилишни яхши кўришини айтган. Маҳаллий матбуот Шарлотта акаси Жоржга нисбатан инжиқ табиатга эга эканини маълум қилган.
Изоҳ (0)