«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Boeing корпорацияси йўловчиларни ташишга мўлжалланган яна бир дона Boeing 787-8 Dreamliner етказиб бериш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизматига асосланиб, UzDaily хабар берди.
Мазкур қўшимча самолёт билан биргаликда ҳисобланса, Ўзбекистон миллий авиакомпанияси 2020 йилга қадар шу турдаги 6 та ҳаво кемасига эгалик қилиши ҳақида хабар берилганди.
Ҳисоб бўйича учинчи Dreamliner жорий йилнинг май ойи ўрталарига қадар етказиб берилиши режалаштирилган. У ҳозирда МАКда мавжуд Boeing 787-8 Dreamliner’ларидан фарқ қилади — йўловчилар жойи кўпайтирилган, яъни 270 тани ташкил этади (бизнес-класс—24 та, эконом-класс—246 та), шунингдек, экипаж аъзоларининг ҳордиқ чиқариши учун махсус бўлма ҳам мавжуд.
Таъкидлаш керакки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемаларини харид қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат ҳисобланади.
Маълумот учун, ҳозирда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» иккита Boeing-787-8 самолётидан фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)