Германиянинг Мюнстер университетида Ўзбекистон кечаси бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Франкфурт Майн шаҳридаги бош консуллиги вакиллари иштирокида ташкил этилган ушбу кечада Мюнстер университетининг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда «Дарё»га «Жаҳон» ахборот агентлиги маълум қилди.
Бугунги кунда Германиянинг Мюнстер университетида 15 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улар бакалавриат ва магистратура йўналишларида тилшунослик, иқтисодиёт ва табиий фанларни чуқур ўрганмоқда.
Ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти мазкур немис олий ўқув юрти ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ўртасида 2001 йилдан буён давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари доирасида Германияга таклиф этилган давлат грантларининг соҳиблари ҳисобланади.
Мюнстер Германиянинг университет шаҳри ҳисобланади. Ўзбекистонлик талабалар бу ерда чуқур билим олиши билан бирга маҳаллий жамоатчилик вакилларини ҳамда чет эллик талабаларни ўзбек халқи маданияти, анъана ва урф-одатлари, тарихий шаҳарлари ва гўзал обидалари билан таништиришга доимо вақт топади.
Ўзбек ёшлари томонидан тайёрланган видео ва фото тақдимотлар чоғида республиканинг замонавий ривожланиши, сайёҳлик салоҳияти ва миллий анъаналари, шунингдек, изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Изоҳ (0)