23 апрель куни жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавката Оллоёров ва Равшан Салаев иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзмоқда.
Олдинги йиғилишда раислик қилган судья Зафар Нурматов адвокатнинг «Усмон Ҳақназаров» номи остида чоп этилган 142 мақолани қайтадан экспертизадан ўтказиш борасидаги илтимосини қондирган эди. Бу уларнинг ёзилишига Бобомурод Абдуллаевнинг алоқадорлигини, шунингдек, материалларда конституцион тизимни ағдаришга чақириқлар бор-йўқлигини аниқлашга имкон беради.
Судья мақолалар учта суд экспертизасидан ўтказилиши бўйича қарорни ўқиб эшиттирди. Булар: суд-филологик (муаллифшунослик), суд-сиёсий-лингвистик ва суд-филологик экспертизалар.
Бунда суд «Ўрим» лойиҳасининг электрон версияси жойлашган магнитли электрон ташувчилар экспертизасини ўтказишга рад жавобини берди.
«Мен ‘Ўрим’ лойиҳаси файллари бўйича илтимос киритган эдим, улар турли магнит ташувчиларда турли параметрларга эга. Мен бу зиддиятларни бартараф этиш учун компьютер экспертизасини ўтказишни сўраган эдим», — маълум қилди адвокат нашр билан суҳбатида.
Илтимосга рад жавобини бераркан, судья айбсизлик презумпцияси принципига мувофиқ суд ҳар қандай шубҳа-гумонни судланувчилар фойдасига талқин этишини маълум қилди.
«Судья адвокат тортишувларда иш бўйича мавжуд барча шубҳа-гумонларни акс эттириши мумкинлигини билдирди. Амалда бу мен ниманидир нолегитим деб тан олишни сўраганим билан боғлиқ илтимосимга жавобдир», — қайд этди Сергей Майоров.
Бобомурод Абдуллаев 142 мақоладан қайсиларини ўзи ёзгани, қайсиларида унга тегишли бўлмаган қўшимчалар борлиги, қайсиларини ўзи ёзмагани ҳақида ёзма тушунтириш берди. У, шунингдек, ўзбек тилидаги мақолаларни ёзмаганини қайд этди.
Олдинги йиғилишда суд 28 сентябрь ва 14 октябрь кунги мақолаларни текшириш баённомаларини имзолаган холисларни сўроқ учун чақириш бўйича илтимосни қондирди. Аммо холисларнинг манзиллари нотўғри акс эттирилгани боис уларни чақиришнинг имкони бўлмади.
Кейинги суд мажлиси 25 апрель куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)