Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишига катта ҳисса қўшган биология фанлари доктори, профессор Абдуқодир Эргашев 72 ёшида вафот этди, деб ёзади «Газета.uz».
Абдуқодир Эргашев 1946 йилда Самарқанд (ҳозир Навоий) вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1967 йилда Самарқанд давлат университетининг биология-кимё факультетини битирган. Сўнг Москвада СССР Фанлар академияси Умумий генетика институтида аспирантурада ўқиган. 1973 йилда фан номзоди диссертациясини ҳимоя қилган.
1989 йилда СССР ФА Экология ва эволюцион морфология институти докторантурасини тамомлаган. Докторлик диссертациясини генетик ва экологик хавфсизлик масалаларига бағишлаган.
1989—1993 йилларда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, 1994—1998 йилларда Ўзбекистондаги БМТ ваколатхонасида барқарор ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчи, 1998—2003 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори бўлиб ишлаган.
2005 йилдан ЮНЕСКО тавсияси билан БМТнинг Экологик хавфсизлик халқаро фанлар академияси академиги этиб сайланган.
Абдуқодир Эргашевнинг дафн маросими Тошкентда 13 апрель, жума куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)