Facebook асосчиси Марк Цукерберг АҚШ Конгрессида кўрсатма беришни якунлади. Эшитувлар кетма-кет икки кун давом этди: Цукерберг қонун чиқарувчиларнинг саволларига тахминан беш соат давомида жавоб қайтарди, деб ёзади Meduza.
Эшитувларнинг биринчи кунида Цукербергга АҚШ Сенатининг савдо ва юридик қўмитаси саволлар берди. Жумладан, унга Facebook монополияси, ижтимоий тармоқ модераторларининг сиёсий қарашлари, шунингдек, Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашганлиги тахмини ҳақида саволлар беришди. Цукерберг мазкур саволларга жавоб бера туриб, Facebook’да «троллар фабрикаси» фаолиятига қарши курашни «қуролланиш пойгаси» деб атади.
Эшитувларнинг иккинчи кунида АҚШ Конгресси Вакиллик палатасининг энергетика ва савдо қўмитаси аъзолари Цукербергга саволлар билан мурожаат қилди. Facebook асосчиси шахсий маълумотлари учинчи шахслар қўлига тушган фойдаланувчилар қаторида эканлиги, ижтимоий тармоқларни ташқи тартибга солиш ғоясини қўллаб-қувватлаганлиги ва Facebook’нинг терроризмга қарши курашиш бўлинмаси ҳақида сўзлаб берди. Бўлинмада 200 киши ишлашини маълум қилди.
Изоҳ (0)