Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан машҳур бўлган риштонлик тадбиркор Дилшод Болтабоев Риштон деҳқон бозори ҳудудида хайрия маблағлари ҳисобига қурилган халқ кутубхонасини 10 кун ичида бошқа жойга кўчириш тўғрисида огоҳлантириш хати олганини айтиб, Facebook’даги саҳифаси орқали Президентдан ёрдам сўрагач, бу мавзу ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди. Таниган-танимаган юзлаб одамлар Дилшод Болтабоевнинг тарафини олиб, изоҳ қолдирди.
Хўш, аслида муаммо нимада? Кутубхонанинг бузиб ташланишидан ким манфаатдор? «Дарё»нинг Фарғонадаги мухбири Азизбек Эрматов масалага ойдинлик киритиш мақсадида риштонлик тадбиркор билан учрашди.
Собиқ ҳокимимиз шу жойни кўрсатиб, кутубхонангни қуравер, ўзим сенга ёрдам бераман, деганидан кейин қурилишни бошладим. Архитекторимиз ҳам, бозор раҳбарлари ҳам бу гапларни эшитди, ҳеч қандай эътироз билдирмади. Одамларнинг хайрия пуллари билан қурилди бу кутубхона. 30 миллион сўмдан кўп пул ишлатдик, етмаганига ўзим ҳам қўшдим.Китобларни ҳам нашриётлар, таниш-билишлар, ёзувчи-шоирларнинг ўзлари йиғиб берди. Ҳозиргача одамлар китоб бериб юборяпти. Ҳозир кутубхонада мингдан ортиқ китоб бор. Ҳар куни 50–60 та китоб ўқиш учун олиняпти.
Яқинда бозор раҳбарлари келиб, кутубхона ёнига замонавий қилиб айвон қур, деди. Кеча қуриб, битирдик шу айвонни. Энди бугун 10 кун ичида кутубхона ва айвонни буз, деб хат чиқаришибди.
«Кутубхона билан айвон ноқонуний қурилган, дейишди. Ахир жой ўзимники бўлса, ертўла ва омбор учун кадастр ҳужжатлари бор. Эски ҳоким ва бозор раҳбарининг ўзи рухсат берган-ку қурилишга. Йиғимларни вақтида тўлайман. Нима қилишни, кимга дардимни айтишни билмай қолдим. Президентга видеомурожаат қилишга мажбур бўлдим», — дейди Дилшод Болтабоев.
Бир нарса аниқ, бу кутубхона бир кунда осмондан тушмаган. Бу ташаббусни овоза қилмаган сайт, ёзмаган газета, кўрсатмаган телеканал, муҳокама қилмаган одам қолмади-ку! Унинг қурилишини қанча инсон қўллаб-қувватлади, қанчаси моддий кўмак берди? Уч-тўртта китоб кўтариб бориб, нечта одам Дима Қаюм билан селфига тушиб келмади, дейсиз? Кутубхона қурилганидан бери қанча муддат ўтди? Унинг ноқонуний қурилганини бозор мутасаддилари энди билдими?
Бугун излаган китобингизни китоб дўконларидан, савдо расталаридан топишингиз мумкин. Лекин уларни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди-ку? Дилшод Болтабоев ҳеч қандай моддий манфаатни кўзламай, халққа бепул китоб тарқатаётган бўлса, уни қўллаб-қувватлаш ўрнига оёғидан чалиш керакми?
Кўпчиликни ўйлантираётган бу саволларга жавоб топиш мақсадида Риштон деҳқон бозорининг бошқарув раиси ўринбосари Исомиддин Ўринбоев билан учрашдик.
«Кутубхонани бузиш ниятимиз йўқ. Унинг қурилишини ўзимиз қўллаб-қувватлаганмиз. Яқинда ёнига айвон қуришга ҳам рухсат бердик. Фақат буларнинг ҳаммаси оғзаки буйруқ билан бўлган. Ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ. Кутубхона қурилиши учун туман ҳокимлигининг рухсатини олиб, қарор чиқартириш керак. Шунда унга ҳеч қандай эътироз бўлмайди, кутубхона ҳам бузилмайди. Огоҳлантириш хатини ҳам шу мақсадда бердик», — дейди I. Ўринбоев.
Бу орада Риштон тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров ҳам халқ кутубхонасига етиб келди. Ҳоким ўринбосари кутубхонани сақлаб қолишда тадбиркорга ёрдам беришга тайёр эканлигини айтиб, Дилшод Болтабоевга ҳужжатларни қандай расмийлаштириш кераклигини тушунтирди. Ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳамда давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун уларнинг розилигини олди. Туман бош архитектори Фарҳод Раҳмонов ҳам шу ерга чақиртирилди. У бинони кўздан кечириб, кутубхона жойлашган ердан вақтинча фойдаланиш учун туман ҳокимининг қарори чиқарилишига эътирози йўқлигини айтди. Дилшод Болтабоев шу ернинг ўзида туман ҳокими номига ариза ёзиб берди.
Барча ҳужжатлар тез орада расмийлаштирилиши ва кутубхона ўз ўрнида қолишини айтган ҳоким ўринбосари, туман архитектори ва бозор раҳбарининг гаплари самимий эканига, ва албатта, улар берган ваъдаларида туришига ишондик. Риштонга етиб борганимизда кўзларида ёш милтиллаб турган Дилшод Болтабоев ҳам биз билан аъло кайфиятда хайрлашди.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.
Изоҳ (0)