Жорий йилда Фарғонанинг 15 туманидаги 30 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 78 километр ичимлик суви тармоғи, электр-энергияси билан таъминлаш учун 74 километр ҳаво линияси тортилиб, 92 ижтимоий объект қурилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Дастурга асосан, тумандаги ‘Шойимбек’ ва ‘Мустақиллик’ маҳалла фуқаролар йиғинларида бунёдкорлик ишлари олиб борилади, — дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари Рауфжон Ҳамдамов. — Хусусан, ижтимоий соҳа объектларида бир қатор амалий ишлар бажарилиши режалаштирилган. 19 ва 20-мактабгача таълим муассасалари, 20-умумтаълим мактаби таъмирланади, ‘Шойимбек’ маҳалласида 2,6 километр ичимлик суви тармоғи тортилади, аҳолига 376 дона газ баллони етказиб берилади. Мустақиллик маҳалласи учун ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда дахлдор корхона ва ташкилотлар бириктирилди».
Олтиариқ туманида ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. «Қапчуғай», «Тинчлик» ва «Полосон» маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Мазкур ҳудудлардаги 5 минг 900 хонадонда 29 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳудудда 31 кам таъминланган оила борлиги аниқланди ва уларга тегишли кўмак берилмоқда. Жойлардаги бетартиб қурилган ва ҳудуднинг умумий манзарасига ярашмайдиган турар жойлар бугунги меъморчилик талабларига мослаштирилмоқда. Кўчалар ободонлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Қўштепа туманида ҳам ободонлаштириш авжида. Ҳудуддаги Соҳибкор, Хумдон қишлоқларида уй-жойларни таъмирлаш, 7 километрлик ичимлик суви, 7,4 километр электр энергияси тармоқларини модернизация қилиш, аҳолига суюлтирилган газ баллонларини мунтазам етказиб беришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган.
Изоҳ (0)