Ўзбекистонда 2019 йил охиригача 50 дан ортиқ кинотеатр қурилади. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.
Ҳозирда учта — ёзги, бир ва икки қаватли кинотеатрларнинг намунавий лойиҳалари тасдиқланган. Охирги икки лойиҳага асосида қуриладиган биноларда ҳар бири 50 ўринга мўлжалланган иккита зал бўлади.
Айни пайтда лойиҳани молиялаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Миллий банк намунавий лойиҳалардан бирини танлаб олиб, мазкур кинотеатрларни қуриш ва тасдиқланган стандартлар асосида жиҳозлашга тайёр бўлган тадбиркорларга имтиёзли — 7 фоизли кредит беради.
«Бу кинотеатрлар қандай қурилмалар билан жиҳозланишини ўрганиб чиқяпмиз, лекин улар давр талабига мувофиқ бўлиши шубҳасиз. Кинотеатрлар фаолиятини ташкиллаштириш учун уларни янги миллий ва хорижий фильмлар билан таъминлайдиган махсус Ижара маркази ташкил этилади. Кейинчалик ягона чипта тизими пайдо бўлиши, чипталарни интернет ва мобил дастурлар орқали сотилиши кўзда тутилган», — деди «Ўзбеккино» миллий агентлиги техник бўлими бошлиғи Баҳодир Муҳаммедов.