Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Қашқадарё вилоятида оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага кўпайиб, 403 тани ташкил қилди, деб хабар беради ЎзА.
Оилавий ажримлар сонидаги ўсиш бўйича «етакчи»лик Миришкор туманида. Шу давр мобайнида ҳудудда 19 та оила бузилган, мос даврга нисбатан бу борадаги ўсиш 17 та.
Чироқчи туманида январь-февраль ойларида 40 та оилавий ажрим қайд этилган, ўсишдаги кўрсаткич эса 11 тани ташкил этмоқда.
Шунингдек, Китоб туманида 58 та (ўсиш 9 та), Нишон туманида 16 та (ўсиш 7 та), Ғузор туманида 16 та (ўсиш 7 та) оилавий ажримлар ҳисобга олинган.
Олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ажримларнинг 145 тасига эр-хотин, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар 89 та ҳолатда эса, эр бошқа аёлга уйлангани ёки узоқ муддат хорижга чиқиб кетгани сабаб бўлган. Бефарзандлик 76 ҳолатда оилавий муносабатлар ниҳояланишига олиб келган. 17 киши эса ичкиликка ружу қўйгани боис муқаддас оила қўрғонини сақлаб қололмаган бўлса, қолган ажримларга ҳам шу каби маиший муаммолар сабаб бўлган.
Айни пайтда вилоятда оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олиш, улар сабабларини ўрганиш, оилаларни яраштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ва унинг жойларда яраштирув муҳокамаларини ўтказиш жадвали асосида ишлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)