26—30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳридаги Монте-Мелконян ҳарбий коллежида бўлиб ўтган курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг чет тили йўналишида биринчи марта Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари «Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик» дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Иля Зверев бошчилигида Ереванга йўл олган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 3 босқич курсанти Аббос Раҳимжонов ва 2 босиқ курсантлари Лазиз Раҳимов, Бекпўлат Боқижоновлардан иборат жамоа якуний натижаларга кўра Халқаро олимпиадада фахрли учинчи ўринга муносиб топилди.
Мазкур олимпиадада Россия, Беларусь, Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ҳамда мезбон давлат курсантларидан иборат 9 жамоа иштирок этди.
Халқаро олимпиаданинг энг юқори поғонасидан Россия Ҳарбий университети курсантлари жой олган бўлса, Арманистоннинг Вазген Саркисян номидаги Ҳарбий университет жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон шарафини халқаро мусобақада муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар 1 апрель куни Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортида кутиб олинади.
Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) 2—6 апрель кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Радиоэлектроника ва алоқа ҳарбий-муҳандислик институтида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)