Суриянинг Африн шаҳри тўлиқ турк ҳарбийлари ва мухолифатдаги «Сурия озодлик армияси» (СОА) бўлинмалари назорати остида. Бу ҳақда, Туркия қуролли кучлари баёнотига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Туркия ҳарбий қўмондонлиги баёнотига кўра, Африн минтақасидаги бошқа барча аҳоли пунктлари ҳам жангарилардан тозаланган.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк қўшинларининг Суриядаги ҳарбий операциялари Африн билан якунига етмаслиги, балки Манбиж ва Идлибга қадар давом этишини таъкидлагани ҳақида хабар берилган эди.
Туркия президентининг сўзларига кўра, «Зайтун новдаси» операцияси бошланганидан буён Афринда умумий ҳисобда 3,7 минг жангари йўқ қилинган (Туркия расмийлари уларнинг барини террорчилар деб атайди).
Туркия қуролли кучлари Бош штаби 20 январь куни Суриянинг Африн минтақасидаги курд бўлинмаларига қарши «Зайтун новдаси» операцияси бошланганини эълон қилган эди. Ушбу операцияда турк ҳарбийлари билан бирга СОА бўлинмалари ҳам қатнашмоқда.
Расмий Дамашқ Туркиянинг мазкур ҳаракатларини қатъий қоралаган ҳамда Африн Суриянинг ажралмас бир қисми эканини уқтириб ўтган.
Изоҳ (0)