Касаба уюшмалари федерацияси «Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси меҳнат муносабатлари иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» номли махсус тўпламни нашрга тайёрлаб, чоп этди.
Унда соҳага оид барча жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ходимлар соғлиғига меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда зарар етишининг олдини олиш, меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг профилактикаси бўйича иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини кучайтириш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга оид энг муҳим меъёрлар мужассамлаштирилган.
Тўпламда меҳнат муносабатлари тарихи, унинг ривожланиш босқичлари, норматив-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистонда унинг татбиқ этилиши ҳақида батафсил тушунчалар берилиши билан бирга, айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айнан меҳнат муносабатларига тааллуқли бўлим ва бандлари ҳам ўрин олган.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари жараёнида наинки ходим, балки иш берувчининг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаслиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги инобатга олиниб, фаолиятни тўғри ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар келтирилган.
Изоҳ (0)