Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги вакили Қиянбек Сотиболдиев бошчилигидаги делегация Наманганга келди. Делегацияни Косонсой туманидаги назорат-ўтказиш пунктида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Меҳмонлар Наманган шаҳридаги «Ёшлар маркази»да вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Ташриф доирасида ўзбек-қирғиз бизнес форуми бўлиб ўтди.
Бизнес форумда Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳияти бўйича батафсил маълумот берилди. Икки вилоятнинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва асаларичилик, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди.
2016 йилда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси 5,2 миллион долларни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 10,6 миллион долларга етгани, олдинда катта имкониятлар турганлиги қайд этилди.
Қирғизистонлик меҳмонлар Наманган шаҳридаги «Дўстлик уйи», Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси, Gold Fresh Fruits хусусий корхонаси, Наманган туманидаги «Мусаффо иқлим транс сервис» фермер хўжалиги, Golden Egg of Namangan масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, турли тадбирларда қатнашди, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Маълумот учун, бугунги кунда Наманган вилоятида қирғиз миллатига мансуб 22 мингдан ортиқ киши истиқомат қилмоқда. Жалолобод вилояти аҳолисининг 27 фоизини эса ўзбеклар ташкил этади.
Изоҳ (0)