Республика Олимпия захиралари коллежларида энди футбол спорт тури бўлмайди. Бу ҳақда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов шундай типдаги коллеж раҳбарлари ҳамда спорт федерациялари вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди.
Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиеёвнинг спорт соҳасида давлат тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўрсатилган вазифаларни тартибга солиш мақсадида, МОҚ Олимпия захиралари коллежлари раҳбариятини бир жойга йиғди. Йиғилишда ташкилот президенти Умид Аҳмаджонов шу типдаги коллежлар фаолияти бутунлай янгидан ташкил этилишини айтиб ўтди.
Айрим коллежларда 29 та спорт туридан сабоқ берилади. Хўш, уларнинг ҳаммасида дарслар, машғулотлар савияли ташкил этилади деб айтоламизми? Қандай қилиб бир дона коллеж 29 та турни ривожлантириши мумкин? Андижонда кўргандик, волейбол учун ҳар йили 3 та ўқувчи қабул қилинади. Аслида волейболни 6 киши ўйнаса, яна захира ўйинчилари бўлса, 3 та спортчи билан нимани ривожлантирмоқчимиз?Энди коллежларни минтақаларга бўламиз. Бокс, дзюдо ва яккакураш спорт турларига бўлган талаб юқори, уларни балки ҳаммада қолдириш мумкин. Бироқ оқсоқланаётган спорт турлари бўйича марказ вужудга келиши керак. Андижонда 3 та, Фарғонада 3 та, Наманганда 3 та волейболчи ҳеч нарсага эришмайди. Уларни бутун водий орқали бирлаштиришимиз ва машғулотлар савиясини оширамиз.
Олимпия захиралари коллежлари спортни оммалаштириш билан шуғулланиши умуман керак эмас. Давлатимиз раҳбари бу ишни мактаблардан бошлаш кераклигини кўрсатиб улгурдилар. Коллежлар эса ўз номи билан терма жамоанинг захираси бўлади ва унда фақатгина моҳир спортчи ёшлар жам бўлиши шарт.
Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Ташкилот раҳбари Олимпия захиралари таснифидан чиқиб кетаётган футбол турини келажакда нима кутаётганига ҳам ойдинлик киритди. Унга кўра, ҳар бир вилоятда марказий футбол академияси вужудга келтирилади. Улар бевосита ЎФА томонидан бошқарилади, қолган спорт турлари эса Олимпия захиралари коллежлари фонида МОҚ тасарруфига киради.
Коллежларда ҳам, академияларда ҳам назорат бўлади. Ёш спортчилар қандай саралаб олинаётганидан тортиб, улар учун ажратилган маблағ қандай сарф этилаётганига қадар кузатилади. Таниш-билишнинг боласи эмас, чиндан ҳам иқтидори бор бўлган ёшлар керак бизга. Энди коллежлар спортчиларни овқатлантириш ҳақида бош қотирмайди, уларнинг дарслари ва машғулотлари билан ишлайди. Ҳар бир спортчининг овқат рациони ва унинг таомида, ичимлигида қандай озуқалар бўлиши ҳақида бошқа компаниялар иш олиб боради.Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Изоҳ (0)