Пойтахтнинг Олмазор туманида Имом ат-Термизий жомеъ масжидининг янги биноси тез орада фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш жараёнида Юқори Себзор маҳалласида бўлиб, Имом ат-Термизий жомеъ масжидини қайта қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
1876 йилда ушбу маҳаллада яшаган сувоқчи Исмоил ота бошчилигида ҳашар йўли билан қурилган масжид 1989 йилда қайта таъмирланган. 2007 йилда эса битта қўшимча хонақоҳ қурилган. Шу маҳалладан ҳам алломалар, Термизийлар чиқсин, деб яхши ният қилинган ҳолда масжид номи шундай атала бошланган. Ҳайит намозларида анча гавжум бўладиган масжид айвонига бир вақтнинг ўзида мингга яқин намозхон сиғар эди.
«Ижод-Ижод» хусусий корхонаси мутахассислари томонидан қарийб бир йил давом эттирилган қурилиш ишларидан сўнг ушбу маҳалла ва масжид қиёфаси тубдан ўзгарди. Усталарнинг айтишича, қурилиш ишларининг етмиш фоизи ниҳоясига етган. Айни вақтда ички ва ташқи безак ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Мамлакатнинг барча ҳудудларидан жам бўлган икки юздан зиёд уста, муҳандис, ҳунарманд, безакчи ва бошқа мутахассислар тарихий обидани қайта тиклашда фаол қатнашмоқда.
Изоҳ (0)