Авторанспорт воситасини пиёдани уриб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, 10 март куни соат 07:30 ларда Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғидан Хондайлиқ қишлоғига олиб борувчи автомобиль йўлининг ўнг томон четида эркак кишининг мурдаси тан жароҳатлари билан топилган. Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида 10 март куни соат 07:15 ларда Бўстонлиқ туманида яшовчи, «Максам-Чирчиқ» корхонасида газдан қутқарувчилар отрядида инструктор лавозимида ишлаган 1973 йилда туғилган Ҳикмат Арипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзига тегишли Matiz русумли автомашинани бошқараётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёда, Бўстонлиқ туманида яшовчи, нафақахўр, 1956 йилда туғилган, Эргаш Ускановни уриб юбориб, ҳаёти ва соғлиги хавф остида қолган пиёдага ёрдам бериш ўрнига, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган. Оқибатда пиёда Э. Усканов олган тан жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган.
Бўстонлиқ туман ИИБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан Matiz автомашинаси ҳайдовчиси Ҳ. Арипов шу куннинг ўзида қўлга олинган. Унга нисбатан Бўстонлиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)