Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Уругвайга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ҳар икки мамлакат футбол ассоциациялари бу борада ўзаро келишувга эришди.
Россия—2018 мундиалида иштирок этувчи Уругвай терма жамоаси Жаҳон Чемпионатига жўнаб кетиши олдидан ўзбекистонлик футболчиларни синовдан ўтказади. ЖЧ—2018 14 июнь куни старт олса, Ўзбекистонга қарши учрашув 7 июнь куни Уругвай пойтахти Монтевидео шаҳрида ўтказилади.
Уругвайлик футболчилар ЖЧ—2018 гуруҳ босқичида мезбон Россия, шунингдек, Миср ва Саудия Арабистони термаларига қарши кураш олиб бориши керак. Ўзбекистонлик футболчилар Осиё мамлакатлари, хусусан, Саудия билан бир қатор ўйинларда иштирок этган. Иккинчи томондан эса қитъа мамлакатлари орасидан футболи Россияникига энг яқинроқ бўлгани ҳам айнан Ўзбекистондир. Демак, ўртоқлик ўйини имкониятларни синовдан ўтказиб олиш учун Уругвайнинг ўзига ҳам ас қотади. Учрашувда уругвайликлар сафида Луис Суарес, Эдинсон Кавани каби топ футболчилар ҳам иштирок этиши мумкин.
ЎФА янги раҳбарияти бунгача ҳам ЖЧ иштирокчилари бўлган 3 та мамлакат термаларига қарши ўртоқлик ўйинлари борасида келишувга эришганди. 23 март куни Сенегалга қарши ўйин бўлиб ўтса, 27 март куни ўзбекистонлик футболчилар Марокаш билан баҳс олиб боради. 18 май куни эса Теҳронда Эронга қарши саф тортади.
Изоҳ (0)