Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамкорлигида «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятини тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир иштирокчиларига фармон мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти чуқур тушунтирилиб, аҳолининг яшаш фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш, ходимларнинг меҳнат қилиши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратиш борасида давлат раҳбари ташаббуси билан яратиб берилаётган имкониятлар, имтиёз ва қулайликларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фармон ижросини таъминлаш йўналишларида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар тўғрисида тўхтаб ўтилди.
Иштирокчилар фармонга кўра байрам кунларидаги беш кунлик дам олиш кунларини сермазмун ва самарали ўтказиш, оилавий ҳамда жамоавий саёҳат қилиш каби имкониятларга эга бўлганларидан беҳад мамнун эканини таъкидлади.
Тадбирда федерация кенгашининг юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премкулов ҳамда Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаевлар мавзу юзасидан маъруза қилди.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида давом этиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.
Изоҳ (0)