Футбол бўйича Италия Кубогининг финалида тўп сурадиган икки жамоа номи аниқ бўлди: «Милан» ва «Ювентус».
Туринликлар ярим финалда «Аталанта» билан тўқнаш келганди. Томонларнинг ҳар икки ўйинида ҳам «Ювентус»нинг қўли баланд келди. Ҳар икки сафар минимал ҳисоблар қайд этилди.
Женнаро Гаттузо бошчилик қилаётган «Милан» эса финал йўлида Римнинг «Лацио» клуби билан рақобат олиб борди. Ҳар икки беллашувда ҳам дарвозаларга гол киритилмади. Шу тариқа ўйин пенальтилар сериясига қадар етиб борди ва унда миланлик футболчилар 5:4 ҳисобида устун келди.
Шу куни миланликларнинг дастлабки икки пенальтиси ноаниқ бўлди. Аввалига Рикардо Родригес, кейинроқ Риккардо Монтоливо дарвозага аниқ зарба бера олмади. Кейин эса ҳаммаси изига тушиб кетди. Чунки римликларнинг ҳам уч футболчиси мўлжалда адашди: Сергей Милинко-Савич, Лукас Лейва, Луис Фелипе Рамос.
А серия доирасида шу мавсум «Лацио» ва «Милан» икки марта тўқнаш келиб улгурганди. Римда мезбонлар 4:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, 28 январь куни «Милан» ўз уйида рақибидан аламини олганди — 2:1.
Ҳал қилувчи финал ўйини 9 май куни бўлиб ўтади. Учрашувнинг қайси стадионида ўтишига кейинроқ ойдинлик киритилади.
Италия Кубоги Ярим финал 28 февраль, чоршанба
«Ювентус» — «Аталанта» 1:0
Гол: Миралем Пьянич, 75-пен (1:0).Дастлабки ўйин: 1:0«Лацио» — «Милан» 0:0 (пен — 4:5)
Дастлабки ўйин: 0:0Италия Кубогини энг кўп қўлга киритган клуб «Ювентус» ҳисобланади. Туринликларда совринлар сони 12 тага етиб улгурган. «Милан» эса мазкур мусобақада 5 марта зафар қучган. Мос равишда кубоклар сони «Рома»да 9 та, «Интер»да 7 та, «Фиорентина» ва «Лацио»да 6 тадан. «Торино» ҳамда «Наполи» клублари худди «Милан» каби 5 марта бош совринга эга чиққан.
Бир йил аввал Италия Кубогининг финалига «Ювентус» ва «Лацио» клублари етиб келган бўлиб, беллашув туринликларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етганди.
Изоҳ (0)