МОҚ президенти ва бир вақтнинг ўзида ЎФА биринчи вице-президенти сифатида фаолият олиб бораётган Умид Аҳмаджонов кеча — 27 февраль куни ҳар икки ташкилот мутахассислари иштирокида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Раҳбари бир бўлган икки ташкилот бунгача бир ёқадан бош чиқариб ишлашга келишиб олганди. Спорт вазири Шоакрам Исроилов ҳам иштирок этган йиғилишда футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг олдига қандай вазифа қўйилаётгани борасида сўз борди.
Хитойдаги чемпионликни энди унутиш керак. Ҳозир асосий мақсад Токио—2020 Олимпиадасида ва 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатида иштирок этиш. Халқ биздан шуни кутяпти. Бунинг учун эса олимпия термасини ҳозирдан шакллантириб боришимиз лозим.Юқоридаги икки мусобақа энг асосийси бўлса-да, унгача бўлган йўлни ҳам унутмаслик кераклиги таъкидланди. Зеро олдинда Ўзбекистон терма жамоаларини Индонезиядаги Осиё Ўйинлари ҳамда БАА мезбонлик қиладиган Осиё Кубоги беллашувлари кутиб турибди.Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Биринчи навбатда болалар футболида тизим яратишимиз зарур. Бу йил мингга яқин мусобақа ўтказамиз деб эълон қилдик. Лекин уларда ўзини кўрсатган болалар кейин қаерга боради? Ким уларни саралаб олиб, терма жамоаларга номзод сифатида кўрсатади? Бунинг учун селексия ишини кучайтиришимиз шарт. Селексионерлар керак бўлса 10—15 кун вилоятларда, чекка-чекка қишлоқларда юриб, истеъдодли болаларни саралаб олиши керак. Шундагина мусобақалар ўтказишдан самара кўзлашимиз мумкин.Йиғилишда футбол мактаблари ва академиялар раҳбарияти билан ишлаш масаласи ҳам кўтарилди. Бундан кўзланган мақсад — шаффофликни таъминлашдир.Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Футбол мактаблари ва академиялардаги порахўрлик, таниш-билишчилик каби иллатларни йўқотишимиз зарур. Истеъдоди йўқ, лекин пули борлиги учун футбол мактабларида юрган болалар бўлса, улардан воз кечиш вақти келди. Аксинча, қобилияти, истеъдоди бўла туриб, футболга қатнаш имкониятига эга бўлмаган кам таъминланган оилалар фарзандларини бепул футбол билан шуғулланишларини таъминлаш керак. Академияларга қабул жараёнларида шаффофлик бўлсин, фақат муносибларгина имтиҳонлардан ўтишини таъминлашимиз даркор.Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Изоҳ (0)