Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имомий ЎзАга берган интервьюсида икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамизда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида қўшни мамлакатлар билан алоқаларга устувор аҳамият қаратмоқда. Натижада минтақамизга янги ҳаёт шаббодаси кириб келди ва ҳукмронлик қилмоқда.Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан чегара масалаларини ҳал этаётгани эътирофга лойиқ. Ўзбекистон раҳбари энг аввало қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу мақсадлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Ушбу ҳужжатда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшнилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Ўтган қисқа вақтда минтақа мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида тарихий қадамлар ташланди. Бунда Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираётгани, Афғонистонга алоҳида эътибор қаратаётгани асосий омил бўлмоқда. Ўзбекистонда бугунги кунда кечаётган шиддатли ўзгаришлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида ҳам чуқур ўзгаришлар юз берди. Икки томонлама ҳамкорлик барча комплекс масалаларни яхшилаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновлар тикланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг мажлислари ўтказилди, давлатлараро чегараларни делимитация қилиш бўйича ҳукуматлараро делегациялар ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди. Шу билан бирга, турли соҳаларда, хусусан, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма тадбирлар ҳам жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди.
Шу кунларда мамлакатларимиз жуда катта сиёсий воқеа арафасида турибди. Мен буни тарихий воқеа деб атаган бўлардим. Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилади. Икки томон қизғин тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Тожикистонда ташрифга оид ташкилий масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала шахсан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон назоратига олинган.
Давлат ташрифи давомида ўнлаб муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шу сабабли ҳам тайёргарлик ишларининг қамрови жуда кенглигини таъкидлашни истардим.
Бир нарсани очиқ айтаман, Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган дўстлик муносабатларида янги саҳифа очади. Ўзбек билан тожик икки тилда сўзлашувчи бир халқ. Бизни ўзаро ажратувчи жиҳатлар йўқ, халқларимизни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг тафаккури, турмуш тарзи, эътиқоди ва қарашлари ҳам муштарак.
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқади, албатта. Имзоланадиган ҳужжатлар халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш, ўзаро борди-келдини кенгайтириш имкониятларини яратади. Виза режимини соддалаштиришга интилишлар ҳам шундан далолат бермоқда.
Изоҳ (0)