Ўзбекистон футбол ассоциацияси давлат раҳбари томонидан Осиё Чемпионатида ғолиб чиққан футболчиларга топширилган Malibu автомашиналарини расмийлаштириш учун совға эгаларидан пул талаб қилмаган. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти маълумот берди.
Бунгача «Озодлик» Malibu автомобилини қўлга киритган футболчилардан совғани расмийлаштириш учун пул талаб қилинаётгани борасида хабар чоп этганди. Хабарда машина олган футболчилар 10 минг АҚШ долларидан беришлари кераклиги айтилган.
ЎФА бу каби хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. Ташкилотнинг айтишича, Президент томонидан топширилган совғалар учун қўшимча тўлов талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Футболчилар бўлажак мусобақалардан чалғимаслиги учун ЎФА машиналарни расмийлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олган.
«Championat.asia» нашри мазкур хабар юзасидан Ўзбекистон U23 термаси сафида майдонга тушган айрим футболчилар билан боғланди. Автомашина соҳиблари ҳам бу каби хабарлар асоссиз экани ҳақида маълумот берди.
Вазиятни очиқлаш учун УзА футболга жавобгар ташкилот бош котиби Сардор Раҳматуллаев билан боғланган. Раҳматуллаев «Озодлик»даги хабарни бўлмаган гап деб, расмийлаштириш билан боғлиқ жараён ниҳоясига етгани, чемпионлар яқинда сертификатларни қўлга киритиши ҳақида маълум берган. Шунингдек, терма бош мураббийи Равшан Ҳайдаров улардан 10 минг доллар сўралгани борасидаги хабарни туҳмат деб атаган.
Изоҳ (0)