Ўзбекистон олтин, уран, мис каби бир қатор фойдали қазилмалар захиралари бўйича дунёнинг етакчи ўн давлати қаторига киради. Бу ҳақда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар беради ЎзА.
Анжуманда соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Қўмита вакилларига кўра, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳисобига мўлжалланган 7 янги кон ўрнига жами 26 та кон: 14 та ерости суви, 5 та олтин, 3 та кварс, 1 тадан темир рудаси, волфрам, сланес, глауконит конлари саноатда ўзлаштиришга тайёрланган.
2018—2019 йилларда 25 турдаги фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш ва геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳисобига 50 та янги кон саноатда ўзлаштиришга тайёрланади. Уларнинг 22 таси олтин, 3 таси уран, 2 таси рангли металл ва ҳар хил норуда фойдали қазилмалардир.
Қўмита раиси ўринбосари А.Мавлоновнинг таъкидлашича, тизимда ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона марказлашган назорат тизимини амалга оширувчи янги инспекция ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Жорий этиладиган янги тартибга кўра, лицензия олишда тадбиркорларга қулай бўлиши учун талаб этиладиган ҳужжатлар ҳудудларнинг ўзида қабул қилинади. Илгаригидек, йил бошидаги очиқ савдолар кутилмайди, 20 кун ичида лицензия олиш имкони яратилади.
Бундан ташқари, жорий йил 1 апрелидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ер ости сувларидан фойдаланиш учун рухсатномалар бериш вазифаси ҳам Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Натижада тадбиркорлар икки идорага эмас, тўғридан-тўғри Қўмитанинг ҳудудий гидрогеология станцияларига мурожаат қилиб, 10 кун ичида рухсатномага эга бўлади.
Изоҳ (0)