Чемпионлар Лигасининг нимчорак финалида дуч келган «Челси» ва «Барселона» клубларининг Лондондаги тўқнашувида ғолибни аниқлашнинг имкони бўлмади — 1:1.
Лионель Месси ва ниҳоят «Челси» дарвозасига йўл топди. Аммо ўйинда каталонияликлар ғолиб чиқа олмади
Ўйин қийин бўлишини билардик. Мезбонларнинг ҳимоявий ўйини сабаб, бизга осон бўлмади. «Челси» Европанинг энг яхши жамоаларидан бири, «Барселона» эса унга қарши ёмон ўйнамади. Айтишим керакки, такрорий ўйин ҳам мураккаб бўлади.Андрес Иньеста, «Барселона» сардори
Иньеста беллашувда катта рол ўйнади — у Месси томонидан урилган голга пас берди. Мезбонлар сафидан эса Виллиан голи билан ёдда қолди.
Гол ургунимдан хурсандман. Бироқ гол ўтказиб юборганимиз алам қилди, биз ғалабага ҳақлироқ эдик. Чунки рақиб тўпни олиб юрган бўлса-да, голли вазиятларда биз олдинда эдик. Энди сафарда ҳам камида шундай футбол кўрсатишимиз керак.Виллиан, «Челси» аъзоси
Антонио Конте футболчиларидан хурсанд. Бироқ тайёр ғалаба қўлдан бой берилгани унга алам қилгани кўриниб турибди.
Футболчиларим билан фахрланаман. «Барселона» биз улар учун тайёрлаб қўйган режадан бироз чиқиб кетди, фақатгина шу томондан омадимиз келмади. Ваҳоланки, «Челси» идеал ўйинга анча яқин келганди. Бироқ биргина хато бўлди барибир... Месси, Иньеста, Суарес каби футболчилари бор жамоага қарши ўша 1 та хато қанчалик қимматга тушишини барчамиз яхши биламиз. «Челси» 1:1 дан кўпроғига ҳақли эди.Ҳа, бугун Кристенсен ажойиб ўйин кўрсатди, менимча у беллашувнинг энг яхши футболчиси. Бор-йўғи 21 ёшда бўлса ҳам, ўзини яхши тарафлама намоён этмоқда.
Антонио Конте, «Челси» бош мураббийи
«Камп Ноу»даги жавоб ўйини борлиги важидан, «Барселона» устози дурангдан розидек кўринди.
Умуман бошқа-бошқа услубда ўйнайдиган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви бўлди. Натижа бизни қаноатлантиради.Ҳужумчиларимиз доимо назоратда турди. «Челси» асосан қарши ҳужумни ўйлаб ҳаракат қилди ва яхши ҳимояланди. Биз эса ўйинни назорат қилдик. Аммо голга тортадиган вазиятларни кўп ярата олмадик. Гол ўтказиб юборилгач эса, рақибни хато қилишга мажбурлай олдик.
Жавоб ўйини олдидан ҳам томонлар бир-бирини ҳурмат қилишда давом этади. Бу эксприментларни қўллаб кўрадиган ўйин эмас. Ҳаммада ягона мақсад бор. Ҳозир «Челси»нинг ҳужум чизиғи етарли даражада хавфли кўринди. Рақиб сафида бизга кўнгилсизликлар тақдим этиши мумкин бўлган футболчилар етарлича.
Эрнесто Вальверде, «Барселона» бош мураббийи
«Барселона» тарбияланувчиси, бу жамоа мухлислари орасида катта обрўга эга бўлган ва Лондоннинг икки етакчи клубидаги ўйинлари билан инглизлар меҳрини қозонган Сеск Фабрегас жавоб ўйинида «Челси» қандай ҳаракат қилиши кераклигини тушунтирди. Чунки жамоада «Камп Ноу» ҳақида ундан ҳам яхшироқ биладиган яна кимнидир топиш бироз мушкул. Албатта, Педрони инобатга олмаганда.
Чиндан ҳам жуда афсусдаман. Менга ўйин учун тузилган режани тўлиқ адо этаётгандек бўлиб кўриндик. Бир жамоа бўлиб ўйнадик, кўп имкониятлар ярата олдик. Виллианнинг ўзи хет-трик қайд этиши мумкин эди. Бироқ афсуски, натижа ўйинимизга мос бўлмади.Шундай бўлса-да, тўқнашув тақдири ҳали ҳал бўлганича йўқ. Йўлимизда давом этишимиз учун «Камп Ноу»да ҳам худди шундай футбол кўрсата олишимиз керак. Гарчи меҳмонда ўйнасак ҳам, ҳужум қилишимиз лозим. Чунки «Барселона» стадионида 90 дақиқа ҳимояда ўйнаш, ўз-ўзини кўмиш билан тенгдир.
Сеск Фабрегас, «Барселона» аъзоси
Жавоб беллашуви 14 март куни бўлиб ўтади. «Стемфорд Бриж»даги ўйинни «Челси»нинг собиқ устози Карло Анчелотти томоша қилиб борди. Сўнгги жамоаси «Бавария» бўлган мутахассиснинг ўзи бу ҳақда маълумот берди. «Суонси»дан истеъфога чиққан ёрдамчиси Пол Клемент ҳам шу куни Лондонда Анчелотти билан бирга эди. Улар жавоб ўйинини томоша қилиш учун Каталонияга ҳам борадими ёки Антонио Контенинг истеъфоси яқинми — аниқ маълумотларнинг ўзи йўқ.
Intense Champions League game tonight at Stamford Bridge. Great to see the match with my friend Paul Clement. #UCL pic.twitter.com/kgM2ZdZ3jD
— Carlo Ancelotti (@MrAncelotti) February 20, 2018
Изоҳ (0)