Россиянинг Мурманск вилояти Кола шаҳри полицияси банкомат томонидан хато сабабли берилган пулларни ишлатган эркакни қўлга олди. Эркак банкоматдан бир неча минг рубль олмоқчи бўлганида, банкомат унга 600 минг рубль чиқариб берган. У бу пулларнинг ҳаммасини ишлатиб юборган, шунинг учун у олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Банклардан бирининг вакили полицияга мурожаат қилиб, номаълум киши банкоматдан 600 минг рубль ўғирлаганини маълум қилган. Кузатув камералари тасвирларидан аён бўлишича, техник носозлик сабабли банкомат карта эгаси томонидан сўралганидан кўпроқ пул берган.
Хабар қилинишича, 1977 йилда туғилган эркак пин-кодни киритганда сўралган бир минг рубль ўрнига банкомат каттароқ номиналдаги купюрани чиқарган. Эркак рақамлар комбинациясини бир неча марта такрорлаган ва 600 минг рублни қўлга киритган. Шундан сўнг у пуллар билан воқеа жойидан яширинган.
Изоҳ (0)