Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Яман фуқароларига гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мамлакат инфратузилмаси ва портларини тиклаш учун БМТга 31 мартга қадар ваъда қилинган 1 миллиард долларни ўтказишга рози бўлди. Бу ҳақда 12 февраль, душанба куни ташкилот бош котибининг ўринбосари Марк Лоукок маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
У икки мамлакат январь ойида Ямандаги гуманитар операциялар учун 1 миллиард доллар ажратиш, шунингдек, минтақа мамлакатларидан ушбу мақсадлар учун яна 500 миллион доллар тўплашга ваъда берганлигини эслатди.
Лоукокнинг сўзларига қараганда, икки мамлакат томонидан киритилаётган маблағлар 2018 йилдаги гуманитар операциялар учун зарур 2,96 миллиард долларнинг учдан бирини қоплаш учун етарли бўлади.
БМТнинг баҳолашича, бу маблағлар 8,5 миллион кишига озиқ-овқат етказиш ва 5,4 миллион кишини сув билан таъминлаш учун етарли бўлади. Бундан ташқари, БМТ ва унинг ҳамкорлари можаро давомида вайрон этилган 1 400 мактаб ва 650 тиббий муассасини тиклашни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)