«Пахтакор» ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини ижара асосида Бекободнинг «Металлург» клуби сафида давом эттиради. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри хабар берди.
Ўринбоевнинг «пахтакорчилар» билан шартномаси 2019 йил сўнггида якунига етиши керак. Боиси у ўтган мавсум аввалида «шерлар» билан 2,5 йиллик келишувга имзо чекканди. Футболчининг «Металлург»даги ижара муддати қанчани ташкил қилиши борасида аниқ маълумот тақдим этилмаган.
Забиҳилло яқиндагина Ўзбекистон U23 термаси сафида Осиё чемпиони бўлишга муваффақ бўлганди. У Равшан Ҳайдаров жамоасини барча ўйинларда сардор сифатида майдонга бошлаб тушди. Аввалроқ Игорь Сергеев «Пахтакор» билан хайрлашгач, Ўринбоевда имконият кўпроқ бўлиши айтилганди. Воқеалар ривожи эса бошқача бўлиб чиқди.
Забиҳиллодан ташқари Суҳроб Нуриллоев ҳамда Акбар Исматуллаев ҳам «Металлург»га ижарага берилган. Уларга қадар Шерзод Каримов, Жавоҳир Соҳибов, Игорь Сергеев каби футболчилар «Пахтакор»ни тарк этганди.
Изоҳ (0)