Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, — деди давлат раҳбари. — Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир».
Йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди.
Охирги йилларда ажрашишлар сони ҳар йили 10-11 фоизга ошиб боргани ташвишланарлидир. 2017 йилда 31 мингдан зиёд ажралиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида, асосан, аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳоллари кўп учрамоқда.
Оналар ва гўдаклар ўлими қайд этилаётгани, ногирон болалар туғилаётгани — хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мутлақо қониқарсиз эканини кўрсатмоқда. Ҳар йили 95 фоиз ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувидан ўтказилса-да, натижаси амалда сезилмаяпти.
Шу боис оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида «аёллар маслаҳатхоналари» ташкил этилиши белгиланди.
Республика комиссияси ва еттита ишчи гуруҳ ташкил этилиб, бу борадаги ишларни бажариш Ўзбекистон Республикаси бош вазири зиммасига юклатилди.
Шавкат Мирзиёев мамлакат хотин-қизларининг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Топшириқларга мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг барча бўғинларидаги раҳбарлар фаолияти танқидий ўрганилиб, вазифасига нолойиқ кадрлар ўзгартирилади.
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилади.
«Оила» маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чоралар кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Жойлардаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари фаолияти танқидий ўрганилиб, уларга ўз вазифаси моҳиятини тушунадиган, адолатли, оилавий қадриятларимизни ҳурмат қиладиган, профессионал кадрлар тайинланади.
Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида иш олиб борилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, шунингдек, ўтган йили махсус рўйхатдан чиқарилган 2587 нафар диний оқим аъзоси бўлган аёлларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилади.
Йиғилишда соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Истиқболдаги муҳим вазифалар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Изоҳ (0)