Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежининг биринчи босқич ўқувчиси Оғабек Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январь куни онаси Гулнора Тўраева билан жанжаллашиб, ғишт бўлаги билан унинг бош қисмига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказди ва аёллар рўмоли билан бўғиб ўлдирди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Машъум воқеа содир бўлган пайтда Оғабекнинг шу уйда яшовчи ўгай укаси Азизбек Машарипов онасига тегмасликни сўраб ялиниб-ёлворди. Аммо кўзлари қонга тўлган қотил ўзи билан бир қориндан талашиб тушган укасини ҳам аямади. Беш яшар Азизбекни ҳам аёллар рўмоли билан бўғиб ўлдириб, жиноят изини яшириш мақсадида жасадни жомадонга жойлаб тунда уй ертўласига тушириб қўйди. Қўшниларнинг ҳушёрлиги ва огоҳлиги натижасида ушбу жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар қилинди.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра жиноятга алоқадор томонларнинг шахсига оид маълумотлар аниқланди.
Маълум бўлишича, Гулнора Тўраева икки марта никоҳсиз турмуш қуриб, ҳар турмушидан бир нафардан фарзандли бўлган. Илгари судланган. Тайинли бир иш билан шуғулланмай, енгил-елпи ҳаёт кечиришга одатланган. Носоғлом муҳит шаклланган оилада тарбияланган Оғабек ҳам 2017 йилнинг март ойида ўғрилик жинояти содир этиб судланган. Ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)