Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир Мирзо Кенжабек, таржимон Евгений Абдуллаев ва бошқалар Тоғай Мурод ўз асарларида миллий қаҳрамонлар, миллий дунёқараш, маънавият ва қадриятларга доир долзарб мавзу-муаммоларни кўтариб чиққани ҳақида сўз юритди.
Таъкидланганидек, атоқли адиб Тоғай Мурод ўзига хос ижодий услуби, ўлмас асарлари билан миллий адабиёт хазинасига улкан ҳисса қўшган. Унинг «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар», «Момо ер қўшиғи» каби қиссалари миллийлиги ва ўзига хослиги билан ўз ўқувчиларини топди. «Отамдан қолган далалар» романи учун 1994 йили ёзувчига Абдулла Қодирий номидаги давлат мукофоти берилди.
Тоғай Мурод нафақат истеъдодли ёзувчи, балки, моҳир таржимон ҳам бўлган. У Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси, Эрнест Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» асарини ўзбек тилига ўгирган.
Сўнгги йилларда адибнинг асарлари устида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда, чет тилларига таржима қилинаётир. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи 2016 йили француз тилида чоп этилган бўлса, «От кишнаган оқшом» ва «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари жорий йилда Москвада рус тилида «Тарлан» номи билан чоп этилди.
Хотира кечасида Туркиянинг Отатурк университети профессори Ҳусайн Бойдемир, Франциянинг Ле-Ман университети профессори Мишель Бушар, россиялик ёзувчи, шоир Вадим Муратханов сингари олим ва ижодкорларнинг Тоғай Мурод асарлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларидан иборат видеоролик намойиш қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ижросида адибнинг «Ойдинда юрган одамлар» асари асосида саҳналаштирилган кўриниш намойиш этилди.
Изоҳ (0)