Амирликларнинг «Ал-Жазира» футбол клуби билан 2 йиллик келишувга эришган Сардор Рашидов Франция чемпионатига бориб қўшилиши мумкин. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри хабар берди.
Айни пайтда Рашидовнинг «Ал-Жазира» билан муносабатлари жойида эмас, дейилади хабарда. Нафақат у, балки жамоанинг икки етакчи футболчиси ҳам клубдаги ҳолатдан норози бўлиб, бошқа жамоаларга ўтиб кетди. Аввалига Лассана Диарра Европага қайтиб кетган бўлса, кейинроқ БАА термаси ҳужумчиси Аҳмад Ҳалил «Ал-Айн» вариантини афзал билганди.
Европада трансфер ойнаси якунига бор-йўғи 2 кун вақт қолди. Шундан келиб чиқиб, Франциянинг «Ренн» футбол клуби Рашидовни ёзда ўз сафига чорлаши мумкин. Айни пайтда «Ренн»ни Сабри Лямуши мураббий сифатида бошқармоқда. Бир йил аввал Лямуши Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубида Сардор Рашидовга мураббийлик қилган бўлиб, улар Қатар Юлдузлар Лигасида вице-чемпион бўлган, Чемпионлар Лигасида эса ярим финалга қадар етиб борганди.
«Ал-Жазира» амалдаги чемпион бўлса-да, айни пайтда голландиялик мутахассис қўл остида натижалари анча пасайиб кетган. Сардор Рашидовни клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатининг бирорта ўйинида майдонга туширмаган мутахассис жамоаси айни пайтда 6-ўринни эгаллаб турибди. Дебютант клуб бўлишига қарамай, Азиз Ҳайдаровнинг «Ажман» клуби 5-ўринга кўтарилиб олган.
БАА чемпионатида, шунингдек, Отабек Шукуров ҳамда Игорь Сергеев жамоалари ҳам бор. Шукуров келгач, «Шаржа» кетма-кет уч ўйинда зафар қучганди. Бу сафар футболчи жамоаси билан илк мағлубиятини қабул қилиб олган. Сергеев жамоаси эса турнир жадвалида сўнгги ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)