10 февраль куни WSB мусобақасидаги учинчи иштирокини бошлайдиган Uzbek Tigers бокс жамоаси янги мавсум учун таркибини эълон қилди.
Авлодлар алмашинуви
Профессионал рингга қадам қўйган Шаҳрам Ғиёсов, Мурод Аҳмадалиев каби спортчилар энди жамоага ёрдам бера олмайди. Рио—2016 Олимпиадасидан кейин Фазлиддин Ғоибназаров ҳамда Рустам Тўлаганов ҳам проф рингга ўтиб кетганди.Бу аслида яхши жараён. Ўзбекистондан истедодли боксчилар кетма-кет етишиб чиқяпти. Демак, катта ареналарга кузатилган боксчилар учун ўринбосарлар бор. WSB мусобақасининг бу йилгисида Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳобиддин Зоиров, Исроил Мадримов, Санжар Турсунов, Бектемир Мелиқўзиев ва Баҳодир Жалолов каби халқаро майдонда анча тобланган спортчилар ёнига, умидли чарм қўлқоп усталари ҳам қўшилди. Ажаб эмас, келаси мавсумдан эътиборан юқорида номлари кўрсатилган спортчилар ҳам фаолиятини Европа ёки Америкада давом эттирса. Норасмий маълумотларга кўра, уларнинг ҳар бири учун яхши таклифлар бор.
Вазнлар таснифи
WSB мусобақасида клублар 10 та вазн тоифасида рақобатга киришади. Жанглар уй-сафар тизимида ўтади. Айтайлик, Uzbek Tigers’нинг илк рақиби турнир етакчиларидан бири бўлган Cuba Domadores бўлади. Бунда боксчилар С1 ва С2 каби гуруҳларга ажратиб олинади. Ҳар бир гуруҳ ўз ичига 5 тадан вазн тоифасини олади. Кубада С2 рўйхатидаги спортчилар ўзаро рингга чиқса, Тошкентдаги жавоб жанглари С1 вакиллари ўртасида бўлади.Бу сафарга бир эмас, 10 нафар боксчини етаклаб юрмаслик учун имкон беради. Уй ва сафардаги 5 тадан — жами 10 та жангда ҳар бир вазн тоифасида рақобатлашишнинг имкони бор. Айтайлик, бокс клублари узоқ сафарларга катта делегация билан боришда молиявий қийинчиликларга дуч келиши табиий. Икки гуруҳга ажратиш бу каби ҳолатларда енгиллик яратади.
С1 ўз ичига -49, -56, -64, -75 ва -91 килограмм вазн тоифаларини олса, С2 гуруҳига -52, -60, -69, -81 ва +91 килограммли спортчилар киради. Ўз-ўзидан аниқ бўладики, Ҳасанбой Дўстматов ва С1 гуруҳининг қолган спортчилари Кубага бормайди. Улар рақибни Тошкентда кутиб олади. Баҳодир Жалолов ва С2 вакиларигина Кубада жанг қилади.
Таркиб
Ўз-ўзидан ҳар бир вазн тоифасининг асосий спортчилари бор. Улар жароҳат олгудек бўлса, ўрнида захира спортчилари иштирок этади. Сўнгги маълумотларга кўра, Бектемир Мелиқўзиев ҳамда Жасур Латиповда жароҳат бор. Шундан келиб чиқиб, улар Кубага бора олмайди ва Uzbek Tigers захира боксчилардан фойдаланади. Қуйида С1 ва С2 аъзолари билан танишиб олиш мумкин.С1
-49 кг: Ҳасанбой Дўстматов (Мироншоҳ Ибрагимов)-56 кг: Шаҳобиддин Зоиров (Абдулҳай Шораҳматов)
-64 кг: Иқбол Холдоров (Алиёр Норалиев)
-75 кг: Исроил Мадримов (Одил Асланов)
-91 кг: Санжар Турсунов (Сардор Ёрмуҳамедов)С2
- -52 кг: Жасур Латипов (Худойназар Файзов)
- -60 кг: Шунқор Абдурасулов (Шукур Раҳимов)
- -69 кг: Маҳмуд Ғоипов (Фазлиддин Мелибоев (Бобо Усмон Батуров))
- -81 кг: Бектемир Мелиқўзиев (Мадиёр Саидраҳимов (Зухриддин Маҳкамов))
- +91 кг: Баҳодир Жалолов (Лазиз Муллажонов)
Personaл
- Бош мураббий: Тўлқин Қиличев
- Катта мураббий: Раҳматжон Рўзиоҳунов
- Мураббийлар: Равшан Хўжаев, Рустам Саидов, Зиятдин Тойганбаев
- Шифокорлар: Дилшод Казаков ва Комил Расулов
- Жамоа раҳбари: Бобур Акбаров
Uzbek Tigers WSB’даги кетма-кет икки йилида ҳам Кубадан енгилган. Бу мавсум жамоалар гуруҳ босқичидаёқ ўзаро тўқнаш келади. Колумбия ва Венесуэла жамоалари ҳам бор бўлган гуруҳни дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар муваффақиятли якунлайди ва чорак финалга йўл олади.
Изоҳ (0)