Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар орасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида янги лойиҳага старт берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Лойиҳага кўра, умумтаълим мактабларида «Тарғиботчи китобхон-ўқувчи» номинацияси жорий этилади. Мазкур номинацияга муносиб ёшлар ўз тенгдошлари орасида китобхонликни тарғиб қилади.
Бундай ўқувчи таълим муассасасининг 7-10 синф ўқувчиларидан очиқ овоз бериш йўли билан танлаб олиниб, у мактаб кутубхоначиси билан мутолаа маданиятини янада ошириш бўйича фаолият олиб боради.
Тарғиботчи китобхон-ўқувчи учун мактаб кутубхонасида алоҳида жой ажратиб берилади. У Китобхонлар клубини ташкил этади ва юритади. Ўқувчилар орасида китоб мутолаасига нисбатан меҳр уйғотиш ва уни рағбатлантириш мақсадида мактаб маъмурияти ёрдамида турли маърифий тадбирлар, учрашувлар, акция ва танловлар ўтказади.
Вазирлик томонидан тизимдаги барча таълим муассасалари раҳбарларига тарғиботчи китобхон-ўқувчиларга яқиндан ёрдам кўрсатиш ва шахсий намуна кўрсатиш тавсия этилган.
Ўқув йили якунида мамлакат миқёсида энг фаол китобхон тарғиботчилар аниқланади.
Изоҳ (0)