Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳузурида педагогика йўналишида илмий даража берувчи илмий кенгаш иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қорақалпоғистон миқёсида катта тарихий янгилик бўлган мазкур кенгашнинг иш бошлаши ёш мутахассисларни беҳад қувонтирмоқда. Илмий кенгашда фан докторларидан иборат 15 аъзо фаолият юритади.
«Қорақалпоғистон Республикасида педагогика йўналиши бўйича илмий кенгаш ҳеч қачон бўлмаган, — дейди Нукус давлат педагогика институтининг умумий педагогика ва психология кафедраси тадқиқотчиси Алмаз Кадрекова. — Жорий йил январь ойида институтимизда ‘Педагогика назарияси ва тарихи. Таълимда менежмент’, ‘Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси’ мутахассисликлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш очилди. Энди докторлик диссертациясини ёқлаш учун минг километр масофа босиб Тошкентга боришга ҳожат қолмади. Имкониятдан фойдаланиб, кенгашга мен ҳам ҳужжатларимни топширмоқчиман. Ҳозирги кунда илмий раҳбарим, педагогика фанлари доктори Ойниса Мусурмонова билан илмий иш олиб бормоқдамиз».
Шу кунгача институтда фақат қорақалпоқ тили ва адабиёти йўналиши бўйича илмий кенгаш иш олиб борган.
Изоҳ (0)