Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов беларуслик ҳамкасби Владимир Макейга мактуб йўллаб, уни икки давлат ўртасида муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан табриклади. Мактуб матни ТИВ сайтида келтирилди.
Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазириВладимир Макей Жаноби Олийларига
Ҳурматли Владимир Владимирович,
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан менинг самимий табригимни ва энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.
Шуни мамнуният билан таъкидлаб айтмоқчиманки, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ўтган чорак аср давомида шерикчилик ва конструктив ҳамкорлик руҳида фаол ривожланиб келди.
Ишончим комилки, Минскда Ўзбекистон Элчихонасининг очилиши икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаради ва мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга кучли туртки беради.
Аминманки, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги анъанавий дўстона алоқалар бундан кейин ҳам икки мамлакат халқларининг фаровонлиги йўлида жадал ривожланади ва мустаҳкамланади.
Ушбу муҳим кунда, рухсатингиз билан Сизга, ҳурматли Владимир Владимирович, ва Сизнинг раҳбарлигингиздаги Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жамоасига соғлик, фаровонлик ва ҳар томонлама муваффақиятлар тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Абдулазиз Комилов,
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири
Изоҳ (0)