Салом! Мен икки ширин фарзанднинг онасиман. Дам олиш кунлари фарзандларимга бирор ширинлик тайёрлашга ошиқиш — мен учун одат тусига айланган.
Бугун унча қийин бўлмаган «Улитка» пирогини тайёрлаш арафасида, унинг баъзи жиҳатларини сиз билан бўлишишни истадим. Баъзан шундай бўладики, миллион хил хаёллар оғушида айнан нима тайёрлашингиз борасида соатлаб бош қотиришингизга тўғри келади. Мана шундай вақтда «Улитка» сизга манзур бўлишидан умидворман. Уни бизнинг уйда севиб қарши олишади.Бизга керакли масаллиқлар
Хамир учун:
- 2—3 стакан ун
- Бир чимдим туз
- 1 чой қошиқ сода
- 200 грамм сариёғ
- 250 грамм кефир (ёки қатиқ)
- 2 ош қошиқ шакар
- Ванил (таъбга кўра)
- 400 грамм олча
- 2 ош қошиқ крахмал
- 3 ош қошиқ шакар (таъбга кўра)
Қандай тайёрлаймиз?
Хамир учун 2 стакан ун элакдан ўтказилиб, туз ва сода билан аралаштирилади. 2 қошиқ шакар ҳамда тўғралган сариёғ солиниб, увалаб олинади, сўнгра унга кефир қўшилиб, юмшоқ хамир қорилади.Хамир музлатгичда тингунига қадар, олчани данагидан ажратиб оламиз. Тинган хамиримизни 3 миллиметр қалинликда ёйиб, узунлиги 20—30 сантиметр, эни эса 7—8 сантиметрни ташкил қиладиган тасмалар кесамиз.
Ҳар бир тасма ўртасига бир қатор олчаларни териб, крахмал (олчанинг суви оқиб кетмаслиги учун) ва шакар сепамиз.
Кейин тасмаларимизни бир-бирига ёпиштириб, фольга тўшалган қолипга айлана шаклида жойлаштирамиз.
Асосий ишни қилиб бўлдик. Энди уни газ печида 30—40 минут давомида (қизаргунига қадар) 180 градусда пишириб, устини шакар упаси билан безатамиз.
P.S. Хамиримиз универсал бўлиб, таъбингизга ва шароитингизга кўра, олча ўрнига бошқа турдаги мевалардан фойдаланишингиз ҳам мумкин.
Сизга ёқимли иштаҳа тилаб, ҳурмат билан @YaMamulya
Изоҳ (0)