Мутахассислик бўйича муносиб маошга эга доимий ишга жойлашиш, айниқса ёшлар ва таълим муассасалари битирувчилари учун Ўзбекистондаги энг ўткир муаммолардан. «Ижтимоий фикр» Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сўровида қатнашганларнинг 65,7 фоизи шундай деб ҳисоблайди, деб хабар беради «Газета.uz».
Сўровда мамлакатнинг барча вилоятда истиқомат қилувчи 1100 нафар 18 ва ундан катта ёшли фуқаролар иштирок этди. Респондентларнинг 49,1 фоизи эркаклар, 50,9 фоизи аёллардир. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи респондентлар улуши 51 ва 49 фоиз улушда танланди.
40,2 фоиз респондентларнинг фикрича, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва кенг истеъмолдаги товарлар нархлари ҳам ўткир муаммолардан ҳисобланади. Қисқа муддатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар сифатида коммунал хизматлар нархлари, коррупция билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабларини қондириш санаб ўтилган.
Мамлакат раҳбарияти қандай долзарб муаммоларни тезроқ ечиши керак, деган саволга 31,1 фоиз қатнашчилар янги иш ўринларини яратиш ва ёшларни иш билан таъминлашни белгилаган.
Респондентларнинг фикрича, биринчи навбатда ижтимоий ҳимоя ва инфратузилмалар, тадбиркорликни рағбатлантириш ва коррупцияга қарши кураш каби ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга диққат қаратиш лозим.
Бундан ташқари, респондентлар бир ой тирикчилик қилиш учун талаб этиладиган даромад юзасидан ўз фикрларини айтди. «Ўзингиз ва оилангизни тўлиқ таъминлаш учун сизга ойига неча пул зарур?» деган саволга 32,1 фоиз респондент 2–3 миллион сўм, 23,6 фоизи 1–2 миллион сўм, 9,9 фоизи 5 миллион сўм ва ундан ортиқ деган жавоб берди.
Изоҳ (0)