Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри озиқ-овқат касб-ҳунар коллежида ўсмирлар орасидаги жиноятчилик масаласида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ маълум қилди.
Кун тартибидаги асосий масала Сирдарё вилояти, Бахт шаҳрида жойлашган Ўғил болалар махсус коллежининг 8-синф ўқувчиси, 2002 йилда туғилган Ортиқов Шаҳзодбек Маҳмуджон ўғли (исм-шарифлари ўзгартирилган) томонидан Янгийўл шаҳрида содир этилган ўғирлик ҳолати юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўлди.
Тақдимнома муҳокамасида Бахт шаҳридаги Ўғил болалар махсус коллежи раҳбарияти, Янгийўл шаҳар ИИБ, прокуратура, солиқ инспекциясидан масъул ходимлар иштирок этди.
Тақдимномада баён қилинишича, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани суди ажримига асосан махсус коллежга жойлаштирилган ўқувчи Ш. Ортиқов коллеждан 2017 йил 21 декабрь куни қочиб кетиб, 2018 йилнинг 6 январь куни Янгийўл шаҳрида «Асил сифат бизнес» МЧЖга тегишли Lacetti автомашинаси салонидан 3 миллион сўмлик iPhone 6 телефонини 5 миллион сўм пулни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Муҳокама жараёнида махсус коллеж раҳбарияти ва масъул шахсларнинг ўз вазифаларига сидқидилдан ёндошмасдан, ўқувчи Ш. Ортиқов коллеждан қочиб кетган бўлса-да, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермагани танқид остига олинди.
Изоҳ (0)