Адлия вазирлигида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар беради «Lex.uz».

Фото: ЎзА

Ҳужжатга кўра, тўлов-контракт суммасининг 35 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бакалавриат ёки магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларга тўлаб берилади.

Бунинг учун тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талаба:

  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиши;
  • Ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши;
  • Шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаши лозим.

Ҳар йили 10 февралдан 15 февралга қадар олий таълим муассасасининг Ёшлар кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади.

Ёшлар кенгаши даъвогар талабаларни тавсия этишда қуйидагиларни инобатга олади:

  • Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолиятидаги иштироки;
  • Олимпиадалар ва спорт мусобақаларидаги натижалари;
  • Ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари;
  • Илмий ва ижодий фаолияти натижалари.

Қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам иккинчи босқичдан бошлаб кўрсатилади.