Голландиялик ярим ҳимоячи Уэсли Снайдер фаолиятини Қатарнинг «Ал-Гарафа» клуби сафида давом эттиради. Бу ҳақда клубнинг Twitter саҳифасида маълумот берилди.
Аввалроқ турк нашрлари Снайдер «Ал-Гарафа» билан оғзаки келишувга эришгани борасида хабар тарқатганди. Кейинроқ қатарликлар бу хабарни расман тасдиқлади. Шартнома шартлари ва унинг қанчага мўлжаллангани борасида аниқ маълумотлар йўқ.
«Бу мухлисларимиз учун янги йил совғасидир. Снайдер биз билан шартнома имзолайди. Трансфер ишлари эртага якунига етади», — деб «Ал-Гарафа» матбуот хизматидан иқтибос келтирган «Championat.asia» нашри.
«Ал-Гарафа» Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига йўл олиш учун 30 январь куни Тошкентнинг «Пахтакор» клубига қарши кураш олиб боради. Битта ўйиндан иборат плей-оффга Қатар мезбонлик қилади.
33 ёшли Снайдер ўз вақтида «Аякс», «Реал Мадрид», «Интер», «Галатасарай» каби клублар сафида тўп сурган. У Голландия терма жамоаси учун 133 та ўйинда иштирок этиб, 31 та гол уришга эришган. 2010 йилги Жаҳон Чемпионатида эса финалга қадар етиб борган.
Снайдер жорий мавсумни Франциянинг «Ницца» клуби сафида бошлаб, 5 тагина ўйинда майдонга тушганди. Қайд этиш керак, бунгача у ўзи ўйнаган барча жамоалар билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, ўша Голландия, Испания ва Туркияда Суперкубокни ҳам бегона қилмаган.
Ўзининг гуллаган даврларини «Интер»да ўтказган Снайдер 2010 йилги мавсум Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучганди.
Изоҳ (0)