Ҳимоячи Хусниддин Ғофуров фаолиятини Тошкентнинг «Пахтакор» клубида давом эттиради. У билан 2 йиллик келишувга эришилгани борасида клуб расмий сайти маълумот берди.
Ғофуров қаторасига икки мавсум Фарғонанинг «Нефтчи» клуби шарафини ҳимоя қилганди. Мана шу икки йили давомида ҳимоячи жами 19 та ўйинда майдонга тушган.
Равшан Ҳайдаров тузган Ўзбекистон U23 термасида Хусниддин Ғофуров асосий ҳимоячилардан бири. Кеча — 4 январь куни тунда футболчи жамоаси билан Осиё Чемпионатида иштирок этиш учун Хитойга жўнаб кетди. «Пахтакор» эса сафар олдидан уни ўз сафига қўшиб олишни уддалай олди.
Аввалроқ Фарғонанинг «Нефтчи» клуби тарқатиб юборилгани ҳақида хабарлар пайло бўлганди. Шундан келиб чиқилса, Ғофуров «Пахтакор» учун текинга тушган ва эркин агент мақомида шартнома имзолаган.
Футболчи 1997 йилнинг 20 март санасида дунёга келган. Осиё Чемпионатидан кейин бирор-бир клуб уни ўз сафида кўришни истаса, Ғофуровни «Пахтакор»дан сотиб олиши керак бўлади.
Изоҳ (0)