28 декабрь куни Юнусобод тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида хизмат олиб бораётган ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га идора матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирга мамлакат фуқаролари ва чет давлатдан ташриф буюрувчи шахсларнинг паспортлари билан ишлаш хизмати ходимларининг яқинларини таклиф этилди.
Тадбирда соҳа ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган тамагирлик ва порахўрлик каби қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ҳамда бўлимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг ҳаётда тўғри йўл топиб, етук мутахассис ва комил инсон бўлиши, оиласига, яқинларига, халқига, ватанига садоқатли ходим бўлиши учун уларнинг яқинлари кўмаги ҳам муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида гаплашиб олинди.
Паспорт соҳасида хизмат олиб бораётган барча ходимлар энг аввало қўли тоза ва кўнгли пок, ватанпарвар ва масъулиятли бўлишини таъкидлаб, шу билан бирга, паспорт хизмати соҳасида жуда катта ўзгаришлар бўлаётган бир даврда айрим ёш ходимлар ўзининг хулқи, ахлоқи, ўзини тутиши, фуқаролар ва ҳамкасблари билан бўладиган муносабатларда, шунингдек хизмат соҳаси бўйича билим савияси ва касбий маҳоратини ошириб бориши, хизматга бўлган қизиқиши ва муносабати билан бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, тарбиянинг ўзаги бўлган оиладаги муҳит ҳамда яқинларидан олган тарбия ва маънавиятга кўп нарса боғлиқлиги тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Айрим ходимлар ўзининг ички ишлар идораси ходими эканлигига қарамасдан, хизмат пайтида белгиланган тартиб қоидага риоя қилмаган ҳолда соч-соқолини ўстириб юриши, жинси шим, футболка ва шунга ўхшаш кийим-кечакларни калта ҳолда ёки ички ишлар ходимига ярашмаган нарсаларни кийиб юриши, хизматга кечикиб ҳолатларига йўл қўйиши, ўзининг сўзлашув оҳанги ва ўзини номуносиб тутиши, энг асосийси айнан шу соҳавий хизматда турли хилдаги таъмагирлик ва ноқонуний ишларга аралашиши, буларнинг барчаси энг аввало оилада кўрган тарбияси ва атрофидаги инсонларнинг унга нисбатан муносабатидан келиб чиқиши тўғрисида гапириб ўтилди.
Хусусан, паспорт хизматида фаолият олиб борадиган ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юрт фуқаролари ва мамлакатга бошқа минтақа ва давлатлардан ташриф буюрган ҳамда бу борада эшитган меҳмонларда ички ишлар идоралари ходимларига нисбатан салбий фикрларнинг пайдо бўлишиги замин яратиб бериши таъкидланди.
Изоҳ (0)