2017 йилда археологлар инсоният ўтмиши ҳақидаги қизиқарли маълумотларни фош қилишга ёрдам берган кўплаб ғаройиб артефактларни намойиш этди. «Наука.ТВ» йилнинг энг кўп таассурот қолдирувчи археологик топилмаларини тўплади.
Куз фаслида 400 га яқин тўғри бурчакли тош конструкция топилганлиги ҳақида маълум қилинди. Спорт майдончалари тўсиқларини эслатувчи бу тошлар «дарвозалар» деб номланди. Структуралар меҳмондўст бўлмаган пейзажлар — лава майдонлари, сийрак ўсимлик дунёси ва сув манбаларида топилган. Бироқ минг йиллар аввал бу жойлар инсонлар яшаши учун кўпроқ мослашган эди.
Февралда Ўлик денгизнинг номаълум қўлёзмалари сақланган ғорлар топилганлиги эълон қилинди. Қазиш ишлари давомида қўлёзмаларни сақлаш учун идишлар, тери маҳсулотлари ва мато топилди. Топилган сопол идишлар ва қўлёзма парчалари ғорнинг кириш қисмидан 4—6 метрда жойлашган девор ўйиқларига яширилган эди.
Мисрда фиръавн Амени Кемаунинг 3800 йиллик пирамидаси топилди. Бу Қадимги Миср подшосининг иккинчи пирамидасидир. 1957 йилда топилган биринчи пирамида янгисидан атиги 600 метр масофада жойлашган. Даҳмадан фиръавн қизининг жасади топилган. Амени Кемау сулоланинг бешинчи фиръавни бўлиб, Мисрнинг катта қисмини атиги икки йил (эрамиздан аввалги 1793 йилдан 1791 йилгача) бошқарган.
Марокашдан Homo Sapiens’нинг энг қадимий қолдиқлари топилган. Ихтиро ҳақида 2017 йилнинг ёзида маълум бўлди. Тадқиқотчилар уч нафар катта киши, бир ўсмир ва бир боланинг жасадлари ёши 300 минг йилдан ортиқ эканлигини таъкидлади. Бу топилма Homo Sapiens аввал тахмин қилинганидан камида 100 минг йил аввал пайдо бўлганлигини англатади.
1656 йилда 65 ёшида вафот этган зодагон аёл Луиза де Куенго қабридан беш киши, жумладан, эрининг юраги топилди. Туссен де Перриэн ундан етти йил аввал вафот этган. Эркакнинг юраги унинг жасадидан чиқариб олинган ва дастлаб ҳимоя ғилофига, сўнг рафиқасининг қабрига жойланган. У Ренне (Франция) монастирига дафн этилган. Эркак рафиқасидан 201 километр масофада дафн этилган. Унинг қабри ҳозирча топилмаган, бироқ Луиза жасади ҳолатига қараб, унинг юраги турмуш ўртоғи қабрида эканлиги ҳақида хулоса қилиш мумкин.
Грециянинг Пилос шаҳрида 3500 йиллик қимматбаҳо тош топилди. Унга ўлдирилган душмани устида ғолибона турган жангчи ўйиб туширилган. Сурат деталлари шунчалик мураккабки, уни ўрганиш учун микроскоп талаб этилади. Артефакт 2015 йилда топилган, бироқ у 2017 йилга келибгина ўрганилган.
Туркиядан топилган сопол тахтача 4 минг йиллик никоҳ шартномаси эканлиги маълум бўлди. Оссурия ёзувида битилган шартнома рафиқаси бепушт бўлган тақдирда оила бошлиғи учун йўриқномани кўзда тутган. Эркак суррогат она сифатида қул аёлдан фойдаланиши лозим бўлган.
Археологлар Грузия ҳудудидан қадимий одамларнинг 8 минг йиллик изларини топди. Жумладан, вино кислотаси қолдиқлари бўлган идишлар топилди. Бу дунёдаги энг қадимги винодир: бундан аввалги археологик топилмалар вино 7 минг йил аввал ишлаб чиқарила бошланганидан гувоҳлик берган.
Олимлар неандерталлар бош суяги тиш тоши ДНКсидан неандерталлар тиббиёти ибтидосини аниқлади. Улар антибиотиклар (махсус моғорни қўллаб) ва аспиринни (у ҳам ўсимлик шаклида) қўллай олганлиги аниқланди.
12,7 сантиметрга 8,8 сантиметрлик сопол тахтачада ёши 3700 йиллик Бобил тригонометрияси аниқланди. У жанубий Ироқда 1900 йиллар бошида топилган. Тахтача миххат ёзувида битилган тўрт устун ва 15 қатор рақамлардан иборат. Олимларнинг фикрича, топилма нафақат математиканинг замонавий тадқиқотлари, балки замонавий таълим учун ҳам янги имкониятларни очади.
Изоҳ (0)