«Уйда ёлғиз» фильмининг иккинчи қисми суратга олинган Нью-Йоркнинг Plaza Hotel меҳмонхонаси меҳмонларга «Кевин каби яша» хизматидан фойдаланишни ва ўзларини фильм қаҳрамонидек ҳис қилишни таклиф этмоқда, деб ёзади «Корреспондент.net».
Хизмат тахминан 895 долларга тушади. Бу пуллар эвазига фотокабинада суратга тушиш, хона ичида улкан музқаймоқ ейиш, эсдалик совғалари олиш ва комедиянинг бешта қисмидан иборат дискларнинг эксклюзив коллекциясига эга бўлиш мумкин.
Бундан ташқари, 1990 йилларга хос бўлган, ўша даврда ўсган болаларнинг севимли егуликларидан иборат махсус таомнома тайёрланган.
Қўшимча равишда Empire State Building осмонўпар биносининг 86-қаватидаги томоша майдонига кириш чиптаси, лимузинда Кевиннинг йўналиши бўйича шаҳар бўйлаб сайр, Wollman Rink яхмалагига чипта, шунингдек, шахсий фотосуратчини буюртма қилиш мумкин.
Меҳмонхона ушбу таклифни фильмнинг 25 йиллигига бағишлади.
Изоҳ (0)